Qarluq

Қарлуқ (Қорлуқ) — ўзбек халқи таркибига кирган этник уюшма. 3 қабиладан ташкил топган; улар Хитой солномаларида меуло (ёки меули), чжиси (ёки пофу) ва ташили деб номланган. ВИ—ВИИ асрларда булар Олтойнинг ғарбий қисмида, Чориш дарёси (Об дарёси ўзанларидан бири) ҳавзасида, Иртиш дарёсининг қуйи оқими бўйларида, Тарбағатойда ҳамда Жунғориягача бўлган катта ҳудудда яшаганлар. Қарлуқлар, асосан, чорвачилик билан шуғулланиб, бир ердан иккинчи ерга кўчиб, ўтовларда яшаганлар. Қарлуқлар ҳудуди Шарқий ва Ғарбий Турк хоқонлиги ўртасида, стратегик қулай ерда жойлашгани учун улар ўртасида талаш бўлган. Қарлуқлар ўз мустақилликларини сақлаб қолиш учун улар билан бетиним кураш олиб борганлар. ВИИ аср охирларида Шарқий Турк хоқонлиги қарлуқлар ҳудудининг аксарият қисмини хоқонликка қўшиб олган. 742-йил қарлуқлар, уйғурлар ва басмиллардан иборат қабила иттифоқи исён кўтариб ўз мустақилликларини тиклаганлар. Қарлуқлар элтибари (бошлиғи) ўзини 3 қабиланинг шехуси (ябғуси) деб эълон қилади. Хитой қўшини билан араблар ўртасидаги Талас жангида қарлуқлар ҳал қилувчи рол ўйнаганлар. 757—766-йилларда қарлуқлар Тургашлар давлати ҳудудини эгаллаб олганлар. Чу дарёси бўйидаги Суёб шаҳри Қарлуқлар давлати маркази бўлиб қолган (766—940). Қарлуқларга Жунғария олатовидан то Сирдарёгача бўлган ҳудуд қараган. Қарлуқлар давлати шимол ва шарқдан Элсуви дарёси водийсигача, Чигил қабиласи яйловларигача; ғарбдан Ўғуз юрти ва Фарғона водийси; жанубда эса яғмолар воҳаси ва Шарқий Туркистон билан чегараланган. Кейинчалик пойтахт Или дарёси водийсидаги Қўйлиқ шаҳрига кўчирилган. Пойтахтдан ташқари Жўл, Навкат, Карманкат, Ёр каби шаҳарлар ва қатор қишлоқлар қад кўтарган. 861-йил қарлуқлар Қошғарни эгаллашган. Қарлуқларнинг айрим гуруҳлари ВИИИ аср ўрталаридан Зарафшон воҳасида, Фарғона водийсида, Жанубий Туркистон, Тожикистон ҳудудларида ҳам яшаган. Х асрда Қорахонийлар давлати таркибига киришган, илк мулкдорлик муносабатлари шакллана бошлаган. Қарлуқлар қўйчилик, тоғ жилғалари бўйида эса деҳқончилик билан шуғулланган. Шарқий Туркистон ва Мовароуннаҳр билан савдо-сотиқ олиб боришган. Четга асосан жун ва жунли маҳсулотлар: гилам, шолча, намат кабилар олиб чиқилган. Қарлуқлар 960-йил ислом динини қабул қилишган. К. Шониёзовнинг фикрича, Қорахонийлар сулоласи бевосита Қарлуқлар давлати билан узвий боғлиқ бўлиб, унинг тадрижий давоми ҳисобланган. ХИХ аср охири ва ХХ аср бошларига келиб қарлуқлар Зарафшон дарёсининг ўрта ва қуйи оқимларида, ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Шўрчи ҳудудларида яшаганлар. 1924-йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида 10 мингдан ошиқроқ, Тожикистон ҳудудида 7 мингга яқин қарлуқлар яшаган. Кейинчалик қарлуқлар ўз номларини унутиб, ўзбек ва тожик миллатлари таркибига сингиб кетган.
Қарлуқ лаҳжаси ўзбек ва уйғур тилларининг ривожланишида катта ўрин эгаллайди.
Ўзбек ва уйғур тиллари бирга Туркий тиллар гуруҳининг қарлуқ остгуруҳига киришади.
Адабиётлар
- Тоган Велиди А. З. Умуми Турк тариҳина гирис, 1-cилт. Эн эски девирлерден 16 асра кадар, 3-баски, Истанбул, 1981
- Бартолд В. В. Карлуки. // Асар. Т. В. — М., 1968.
- Историко-культурное наследие Туркменистана /О.Гундогдиева ва Р.Мурадов таҳрири остида
- УНДП — Стамбул, 2000.
- Шафиев Ф. Этногенез и история миграций тюркских кочевников: закономерности процесса ассимиляции. — Баку, 2000.
- Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |