Raga

Рага, раг (санскритча: राग — ранг, истак) — ҳинд ва покистон халқлари мумтоз мусиқа жанри. Рагалар ўзбек мақомлари сингари муайян товушқатор (тхат), оҳанг тузилмалари (пакар) ва усул (тал) жиҳатидан бир-биридан фарқланади. Рагалар Бҳейрав, Малкунс, Мегҳ, Дипак каби номлар билан, уларнинг шохобчалари эса рагнийлар деб аталади. Рага Ўрта асрдан маълум бўлиб, тарихий жараён давомида янги куй ва асарлар билан бойитилди. Ҳинд мусиқа олимлари рагаларни муайян руҳий ва ахлоқий таъсири жиҳатидан ажратадилар. Куннинг муайян вақтлари (эрталабки, тушки рага ва ҳоказо), йил фаслларида ижро этиладиган рагалар бор. Рага ансамбли таркибига, одатда, яккахон хонанда ёки якканавоз созанда, усул берувчи урма чолғу ижрочиси ва бошқа созандалар киради. Ҳар бир рага асосий мавзуни баён этувчи вазмин суръатдаги қисмдан бошланиб, аста-секин тезлашиб боради, турли нолаларга бой, эркин ривожланадиган ҳамда авж олиб келадиган қисмлар орқали намоён бўлади[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |