Яширин овоз бериш йўли билан ўтказиладиган сайловларда сайловчилар ўз танловларини берилган варақага ёзиб, сайлов қутисига ташлашади.

Сайлов — овоз бериш орқали давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш воситаси. Фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириши — уларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишининг энг муҳим шаклларидан бири. Сайлов ўтказиш тартиби ва қоидалари, одатда, ҳар бир давлатнинг конституцияси ва бошқа конституциявий ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланади. Сайлов турли кўринишда бўлади. Унда аҳоли қатнашиши ёки уларнинг вакилларигина иштирок этиши мумкин. Сайлов очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Қайси орган сайланаётганлигига қараб парламентга ёки президентликка сайлаш, парламентнинг умумий ёки бир қисми учун сайлов ўтказилишига қараб ялпи ёки қисман сайлов бўлиши мумкин. Ҳудудига қараб умумдавлат ёки маҳаллий; ўтказилиш вақтига қараб навбатдаги ёки муддатдан олдинги; бир партияли, кўп партияли ёки партиясиз; муқобиллик асосида ва номуқобил (агар ягона номзод кўрсатилса); тўғри ёки кўп босқичли; асосий ёки қўшимча сайлов ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан, мамлакат Президент сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишлича уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабр ойи 3-ўн кунлигининг 1-якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг, тўғридан тўғри С ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади (яна қаранг Сайлов тизими, Сайлов ҳуқуқи)[1].

2021-йил 8-феврал куни қабул қилинган „Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида“ги қонунга биноан сайловлар октябр ойида ўтказилиши белгиланди. Яъни Президентликка сайлов, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конститусиявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди (илгари декабр ойида эди)[2]. Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган қонуннинг консепсия вариантида сайловларни март ойига кўчириш ҳақидаги таклиф ҳам бўлган. Фуқаролар билан ўтказилган семинар тадбирларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали келиб тушган таклифларда ҳам март, май, август ва сентабр ойлари қайд этилган. Бироқ сайловларни октябр ойида ўтказиш бўйича 70 фоиздан ортиқ таклиф фуқаролардан келганлиги боис шу ойга кўчирилган.[3]

Сайловларнинг статистик таҳлили билан шуғулланувчи фан псефология дейилади.

Ўзбекистонда сайловлар

Ўзбекистон Республикасида Президент сайлови, ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайлови умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.[4]

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ „Ўзбекистонда сайловлар октябрь ойида ўтказилиши белгиланди“. Бугун.уз. 2021-йил 9-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 9-феврал. (Wайбаcк Мачине сайтида 2021-07-09 санасида архивланган)
  3. ↑ „Ўзбекистонда сайловлар октябрь ойига кўчирилганига изоҳ берилди — видео“. Бугун.уз. 2021-йил 9-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 11-феврал. (Wайбаcк Мачине сайтида 2021-07-09 санасида архивланган)
  4. ↑ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ХХИИИ боб

Ҳаволалар