Семент (лотинча: cаэментум — шағал, чақиқ тош) — сунъий ноорганик кукунсимон боғловчи минерал. Сув қўшилса, хамирсимон масса ҳосил бўлади, вақт ўтиши билан қотиб, тошсимон жисмга айланади. Семент ҳавода ҳам, сувда ҳам қотиш хусусиятига эга. Семент қурилишда жуда кенг қўлланадиган бетоннинг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Сементнинг романсемент, портландсемент, глинозёмсемент, кенгаювчан, гидравлик қўшимчали каби турлари мавжуд. Романсемент оҳактошни 900° гача куйдириш йўли билан олинади, кейин майдалаб кукун ҳолига келтирилади. Хом ашёнинг хилига қараб, романсементнинг қотиш муддати 15 минутдан 24 соатгача бўлиши мумкин. Унинг мустаҳкамлиги анча паст бўлиб, 25 дан 100 гача маркали бўлади. Шунинг учун ҳам унинг ўрнини ХХ аср ўрталаридан бошлаб портландсемент эгаллай бошлади. Глинозёмсемент глинозём (алюминий оксиди)га бой бўлган тоғ жинслари — боксит (алюминий рудаси), оҳак ёки оҳактош аралашмасини куйдириш йўли билан олинади. Кимёвий таркиби 40% СаО; 40% А12О3; 6— 8% СиО2 дан иборат. Тез қотиши, мустаҳкамлигининг юқорилиги ва минераллашган сувларга турғунлиги билан ажралиб туради. Маркаси 300; 400; 500. Нархи портландсементга нисбатан 2,5—3 баравар баланд. Глинозёмсемент катта мустаҳкамлик талаб этиладиган бетон ва темир-бетон конструксияларда, денгиз ва минераллашган сувлар таъсирида бўладиган иншоотларда, тезкор йўл ва қурилиш ишларида, қиш шароитида бетонлашда қўлланади. Кенгаювчан Сементнинг таркибида глинозём сементдан ташқари оҳак ва гипс ҳам бўлади; тез қотади; ўта мустаҳкам ва сув ўтказмас материал ҳисобланади. Кенгаювчан Семент гидроизоляция ишларида, чокларни ёпиш ва таъмирлаш ишларида қўлланади. Гидравлик қўшимчали портландсемент (баъзан "пуцсолан портландсемент" деб ҳам юритилади) Семент клинкери (тошқоли) ва нордон гидравлик қўшимчалар (трепел, диатомит, трасс, пемза ва бошқалар)ни бирга майдалаш (кукунлаш) йўли билан тайёрланади. Гидравлик қўшимчалар аралашма миқдорининг 20—40% ини ташкил этиши мумкин. Бу Семент портландсементга нисбатан арзонроқ бўлиб, гидротехника, водопровод ва канализация иншоотларида қўлланади. Агрессив сувлар таъсирига чидамли. Семент саноатда ХИХ асрдан бошлаб ишлаб чиқарилади.

Яна қаранг

Адабиёт

  • Технология вяжуших вешеств, М., 1965; Қосимов Э.Қ., Қурилиш ашёлари, Т., 2003. Ботир Ҳобилов.