Шаҳидлар хотираси мажмуи

Шаҳидлар хотираси жамоат фонди – Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Бўзсув канали бўйида (Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб жойлашган). Мажмуа барпо этилган жой ХХ аср 40-йилларига қадар Тошкент шаҳрининг хилват чеккаси бўлган, 40-йилларда худди шу жойдаги 3 та қатлгохда шўролар томонидан миллатнинг илғор вакиллари, бегуноҳ ватандошлар қатл қилинган. Қатағон қурбонлари хотирасига бағишлаб собиқ қатлгоҳ ўрнида Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуи Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов ташаббуси билан бунёд этилган (2000). Майдони 17 га дан ортиқ мунтазам тартибли лойиҳаланган ямяшил пастибаланд ҳудудни Бўзсув канали иккига ажратган, икки қирғоқни канал устига қурилган кўприк (уз. 100 м) бирлаштиради. Мажмуа марказида тик устунларга ўрнатилган феруза ранг қовурғали гумбазли айвон (ротонда, бал. 27 м) металл қурилмалардан ишланиб гозғон мармари билан қопланган, пойгумбази ганчкори муқарнаслар билан зийнатланган; гумбаз ичи ганч ўймакорлигида ишланган. Гумбаз остидаги ҳандасий шакллардан нақшлар ҳосил қилиб безатилган мармар полда нефритдан ишланган рамзий сағана атрофга сукунат таратиб туради; сағана шаҳид кетган ватандошларнинг рамзий қабридир. Шунингдек, 2002-йилда шу ҳудудда қад кўтарган „Қатағон курбонлари хотираси“ музейи мажмуанинг таркибий қисмига киради.[1]

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ "Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуи" ЎзМЕ. Ш-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2019-10-11 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил