Сланецлар — турли хил таркибдаги метаморфик тоғ жинслари. Таркибига кирувчи жинслар деярли параллел ҳолда жойлашган чўзиқ ёки варақсимон минераллар мажмуидан иборат бўлгани учун юпқа варақларга осон ажралади. Регионал метаморфизм даражасига кўра, сланецлар 2 йирик гуруҳга ажратилади: кучсиз метаморфлашган тоғ жинслари — гилли сланецлар ва чуқур метаморфлашган кристалли сланецлар Гилли сланецлар кўпроқ гилли минераллар, гидрослюдалар, баъзан монтмориллонитдан таркиб топган бўлади. Кристалли сланецлар орасида таркибидаги минераллар (слюдалар, амфиболлар, дала шпатлари ва кварс)га кўра, слюдали сланецларга (биотитли, мусковитли, баъзан парагонитли) ажратилади; бу сланецларда дала шпатлари ва кварснинг ортиши билан гнейсларга, амфиболитли сланецларда амфиболшяларга айланади. Баъзан кристалли сланецлар таркибидаги нисбатан кам учрайдиган минерал номи билан аталади: гранитли, ставролитли, каинитли сланецлар ва ҳоказо. Филлитлар, хлоритли С. ва яшил С. гилли ва кристалли сланецлар оралиғидаги тоғжинсларидир, юзароқ чуқурликларда яшилсланец фация деб аталадиган шароитда метаморфизмга учраган, уларнинг таркибида, слюдалардан ташқари, яшил рангли минераллар (хлорит, эпидот ва турли амфиболлар) кўп. Яшил сланецлар чўкинди ва вулкан жинсларидан ҳосил бўлади. Мукаммал қаватқаватланган гилли сланецлар томларни ёпишда ишлатилади. Гнейсларга яқин бўлган кристалли сланецлардан курилиш материали, оловбардош маҳсулотлар и. ч.да хом ашё сифатида фойдаланилади. Органик моддалар билан бойиган гилли сланецлар ёнувчи сланецлар сифатида қўлланади. Қора рангли ва таркибида ванадий, фосфор, бор каби микроэлементлар бўлган. Сланецлар қишлоқ хўжалигида табиий ўғит сифатида ишлатилади. Ўзбекистоннинг Зирабулоқ, Зиёвуддин, Нурота, Қизилқум, Султон Увайс тоғларида сланецлар кенг тарқалган. Сланецларни ўрганиш улар билан боғлиқ фойдали казилмаларни топишга имкон беради.