Давлатлар аҳолиси таркиби ислом динида эътиқод қилувчи 10%Яшил: сунний минтақалар, Қизил: шиий минтақалар, Кўк: Ибодийлар (Уммон)

Суннийлик (сунна сўзидан) - ислом динидаги 2 асосий йўналишдан бири ва энг кенг тарқалгани. Жаҳондаги барча мусулмонларнинг тахминан 93% и Суннийликка (қолган 7% и шиаликка) мансуб (2004). Суннийлик тарафдорлари, асосан, Осиё ва Африкада (Покистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Хитой, О'рта Осиё мамлакатлари, Афғонистон, Туркия, Арабистон ярим орол ва Форс кўрфази атрофидаги араб мамлакатларида, Сурия, Ливан, Иордания, Шим.Шарқий ва Ғарбий Африка мамлакатларида), Болқон мамлакатлари, Кипр ва АҚШда яшайди.

Ислом дастлабки даврда ҳеч қандай йўналиш, мазҳаб ва оқимларга бўлинмаган. ВИИ асрнинг ўрталарида турли сиёсий сабабларга кўра, мусулмонлар сафида бўлиниш пайдо бўлди. Аввал шиалар, кейин хорижийлар мусулмонлар оммасидан ажраб чиқдилар. Улар ўзининг ҳақлигини исбот қилиш учун ўз фикрини, йўналишини ҳимоя қила бошлади, шу тариқа ҳар гуруҳнинг ўзига хос ақидаси шакллана борди.

Суннийлик бўйича Абу Ҳанифа (Имоми Аъзам) нинг "Ал-Фиқҳул Акбар" асари энг нодир илмий мерос саналади. Бу ишда Абул Ҳасан Ашъарий билан Абу Мансур Мотуридийларнинг хизматлари беқиёсдир. Суннийлик йўналишида шу икки аллома асос солган ақидавий мактаблар барча сунний уламолар томонидан эътироф этилган.

Суннийлик тамойиллари, асосан, қуйидагилардан иборат:

  1. Мавжудотларнинг ҳақиқат ва моҳияти бор нарса бўлиб, уларни билиш мумкин. Билиш воситалари — бешта сезги аъзолари, илоҳий манбалар ва ақл.
  2. Олам қадим эмас, балки қачондир Аллоҳ тарафидан яратилган.
  3. Бутун борлиқни яратган Аллоҳнинг зоти битта, у ўзига хос азалий ва абадий кўпгина сифатларга эга.
  4. Зотий сифатлари саналмиш илм, қудрат, ҳаёт, ирода, эшитиш, кўриш, гапириш Аллоҳнинг азалий ва абадий сифатларидир. Унинг зоти ҳам, сифатлари ҳам ўзи яратган махлуқот ва мавжудотларнинг сифатларига асло ўхшамайди. Унинг сифатлари нуқсонсиз, баркамолдир.
  5. Аллоҳнинг исмлари кўп. Ҳадисда 99 та гўзал исмлари зикр этилган (қаранг ал-Асмо ал-ҳусно).
  6. Аллоҳнинг адолатли экани. Ҳидоят ва залолат йўлларини кўрсатиб қўйгач, адашган ва куфр йўлини танлаганларни жазолаши адолат ҳисобланади. Бордию, залолат йўлидан асраб қолса — бу Унинг фазли, марҳамати. Асрамаса адолати ҳисобланади.
  7. Пайғамбарларнинг ҳаммасини барҳақ деб тасдиқ этиш. Уларнинг адади гарчи баъзи ҳадис ва ривоятларда кўрсатилган бўлсада, муайян бир адад қатий деб ҳисобланмагани маъқул. Пайғамбарларнинг биринчиси — Одам, охиргиси — Муҳаммад.
  8. Пайғамбарларнинг мўъжизаларини ҳақ деб эътиқод қилиш. Шунингдек, авлиёларнинг кароматлари ҳам ҳақ ва ростдир. Ҳеч бир авлиё пайғамбар даражасига ета олмайди.
  9. Исломнинг беш рукни — иймонкалимаси, намоз, рўза, закот, ҳаж ҳар бир мусулмон зиммасига фарзи айн экани. Фарзлардан бирортасини беузр тарк эца ёки шаръан тақикланган ишларга қўл урса қаттиқ гуноҳкор бўлиши, лекин кофир бўлмаслигини тасдиқ этиш.
  10. Иймон — Муҳаммад Аллоҳ Таоло томонидан келтирган барча хабар ва маълумотларни ҳақ ва рост эканига тил билан иқрор этиб, дил билан тасдиқлаш деб билиш. Солиҳ амалларни кўп қилганда иймоннури кўпайиб, гуноҳ ишларни кўп қилганда иймоннури озайиб туришини тасдиклаш ва ҳоказо.

Суннийликда 4 та динийҳуқуқий мазҳаб (ҳанафийлик, моликийлик, шофиъийлик, ҳанбалийлик) мавжуд. С. исломда анъанавий эътиқод йўли деб эътироф этилиб келган.

Суннийлик билан шиалик ўртасида ҳокимият масаласида, айрим диний маросим ва анъаналарда бирмунча тафовутлар бор. Ўзбекистонда, асосан, Суннийликка эътиқод қилинади..

Адабиёт