Термин (лотинча: терминус — „чегара“, „ҳад“) — билим ёки фаолиятнинг махсус соҳасига доир тушунчани ифодаловчи сўз ёки сўз бирикмаси. Термин умумхалқ цҳтига муайян терминологик тизим орқали ўтади, бинобарин, термин ва умумистеъмолдаги сўзлар бир-бирини тўлдирадиган лексик бирликлардир. Систем характерга эгалик, ўз терминологик майдонида бир маънолиликка мойиллик, ҳистуйғуни ифодаламаслик, услубий бетарафлик кабилар терминга хос хусусиятлардир. Биология, математика, тилшуносликда қўлланадиган „функсия“ сўзини кўп маъноли термин сифатида эмас, балки терминологик омонимлар, соҳалараро содир бўлиб турадиган ретерминологик жараён (бир соҳа термин ининг иккинчи соҳа термини сифатида қўлланиши) ҳосиласи тарзида қаралмоғи лозим. Умумхалқ лексикасига доир қонуниятлар термин ҳосил қилишда ҳам кузатилади. Сўз билан термин нинг умумий ва хусусий томонлари етарли даражада очиб берилган эмас; кундалик турмушда кенг истеъмолда бўлган сўзлар айни пайтда турли соҳаларга доир терминлар ҳамдир. Масалан, қулоқ, бурун, томоқ — анатомия ва тиббиёт; гилам, шолча, палос — гиламдўзлик; китоб, ручка, дафтар — педагогик соҳа терминлари бўлиш билан бирга умумхалқ тилида фаол қўлланади.

Ҳозирги кунда „термин“ сўзи билан бир қаторда „атама“, „истилоҳ“ сўзлари ҳам айни маънода қўлланмоқда. Лекин улар „термин“ сўзининг ҳозирги маъносини тўлиқ ифода эта олмайди. „Атама“ сўзи кенг маънода бўлиб, географик обектлар, атоқли номларга нисбатан қўлланади. „Истилоҳ“ сўзини эса термин маъносида тарихий мавзулардаги матнлар (мас., адабиёт тарихи, Шарқ фалсафаси ва бошқалар)да бемалол қўллаш мумкин.