Umarxon
Умархон, Амир Умархон, Амирий (1787-йил — Қўқон — 1822-йил) — Қўқон хони (1810—1822), ўзбекларнинг Минг сулоласига мансуб, зуллисонайн шоир. Норбўтабийнинг ўғли. Ўзбекларнинг минг уруғидан. Бошланғич саводини оилада чиқариб, кейин мадрасада таҳсил олган. Ёшлигидан сарой хизматига жалб қилинган: акаси — Қўқон хони Олимхоннинг давлатни бошқариш ишларида фаол иштирок этган. Олимхон 1807—1808-йилларда унга Фарғона ҳокимлигини топширган. Шу йилларда у Андижон ҳокими Раҳмонқулибийнинг қизи Моҳларойим (Нодира)га уйланган. Умархон вафотидан сўнг тахтга ўғли Муҳаммад Али-хон чиқди.[1]
| Муҳаммад Саид Умарбек | |
| Қўқон хонлиги хони | |
| Ҳукмронлигининг бошланиши: | 1809 |
|---|---|
| Ҳукмронлигининг тугаши: | 1822 |
| Коронация: | 1809-йил Қўқон |
| Ўтмишдош: | Олимхон (1798—1809) |
| Ворис: | Муҳаммад Алихон (1822—1841) |
| Туғилган санаси: | 1787-йил |
| Туғилган жойи: | Қўқон хонлиги Қўқон хонлиги |
| Вафот санаси: | 1822-йил |
| Вафот жойи: | Қўқон хонлиги Қўқон хонлиги |
| Турмуш ўртоғи: | Нодира (1792—1842) |
| Фарзандлари: | 1.Муҳаммад Алихон
2. Абдуллоҳ Султон (1809—1823) 3. Султон Маҳмудхон (1818—1842) 4. Мохлар Ойим |
| Отаси: | Норбо`табий |
| Онаси: | Фахринисо ойим |

Тахтга ўтириши
Ҳоким табақалар Олимхоннинг Тошкентда кўтарилган ғалаённи бостириш учун қўшин тортганлигидан фойдаланиб, фитна уюштирадилар ва 1810-йил Умархонни хон қилиб тахтга кўтарадилар, Олимхон эса ўлдирилади. Умархон Қўқон хонлиги ҳудудини кенгайтириш, ҳокимиятни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боради. Бухоро амирига қарашли Туркистон шаҳар (1815), Ўратепани (1817) босиб олган. Сирдарё бўйидаги ерларда Янгиқўрғон, Челак, Қамишқўрғон, Оқмачит, Қўшқўрғон номли ҳарбий истеҳкомлар қурдирган. Улар Ўрта Осиёни Россия билан боғлайдиган муҳим савдо йўлида жойлашган эди[2]. У Россия, Бухоро амирлиги, Хива хонлиги ва Усмонлилар империяси билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилган. Умархон Бухоро амирлиги билан Жиззах, Зомин ва Оъратепани эгаллаш учун урушлар олиб борган. Умархон даврида Қўқон, Тошкент, Туркистон, Чимкент, Сайрам, Авлиёотада масжид ва мадрасалар қурилиб, қабристонлар тартибга келтирилган. Шаҳрихон шаҳарчаси барпо этилган, янги қишлоқлар вужудга келган. Хон амалдорларининг талончилик сиёсатига қарши Чимкент ва Сайрамда кўтарилган қўзғолон бостирилган. ХХ асрнинг биринчи ярмида Қўқонда ўзига хос илмий-маданий муҳит вужудга келган — унинг бошида турган маърифатпарвар ҳукмдор Умархон илм, маданият, санъат, адабиёт, турли касб-ҳунарларнинг ривожига катта эътибор берган, мадрасаларда ўқиш-ўқитиш ишларини яхшилаган, турли ҳунар мактаблари очилишини қўллаб-қувватлаган. Давлат ишларининг тартибга солиниши, мамлакат иқтисодиётининг, ҳунармандчилик ва савдонинг маълум даражада юксалиши Қўқон хонлиги ҳаётига қулай таъсир кўрсатган.
Ижоди
Умархон Амирий тахаллуси билан шеърлар ёзган. 1821-йилда Фазлий Намангоний Умархон амрига биноан, 63 шоирнинг шеърини ўз ичига олган „Мажмуаи шоирон“ тўпламини тузган. Уни улуғлаб қасидалар ёзиш, ғазалларига татаббуълар боғлаш бу шоирлар ижодида етакчи ўрин тутган.
Умархон Лутфий, Жомий, Навоий, Фузулий, Бедилни ўзига устоз санаб, улардан ижод сирларини ўрганган, уларга эргашиб ижод қилган, ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Арузнинг туркий адабиётда машҳур, халқ ижодида ҳам кенг тарқалган енгил ва ўйноқи вазнларидагина ёзилган бу шеърларнинг барчаси ишқ-у муҳаббат мавзуида. Уларда анъанавий мотивлар ва тасаввуфий руҳ устун. Ўзбек ва форс-тожик тилидаги шеърларини тўплаб, девон тартиб берган. Девон ғазал, мухаммас, мусаддас, туюқ жанрларидаги 10 минг мисрадан ортиқ шеърни ўз ичига олган. Сарой ҳаётида Умархоннинг рафиқаси Мохларойим (Нодира) (1792—1842) муҳим ўрин эгаллаган. Мохларойим илм-фан, адабиёт ва санъат ҳомийси сифатида хонликнинг маданий ҳаётида фаол иштирок этган[2]. Умархон „Девон“ида Навоий анъаналарини давом эттирган, шеъриятнинг 12 жанрида қалам тебратган. Умархон Ғазалларида дунёвий ишқ тавсифи билан бир қаторда сўфиёна талқиндаги ғоялар ҳам мавжуд. „Девон“нинг қўлёзма ва босма нашрлари ЎР ФА ШИда 3642, 4419, 90, 9993, 5065, 7489 ИИ, 9917, 6745 И, 6672, 1880, 177, 98 ИИИ, 9765, 44, 4727 ва Адабиёт музейида 99, 153 рақамлари остида сақланади.
Унинг 10 минг мисрадан ортиқ шеърлар тўплами бизгача етиб келган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Амирий шеърий девонининг ўн етти қўлёзма нусхаси, 544та шеър, 465та ғазал, 53та мухаммас (беш ярим мисрадан иборат шеърий байт), 5та мусамман (саккиз ярим мисрадан иборат шеърий байт), 6та муссада (олти ярим мисрадан иборат шеърий байт), 16та туюқ (сўз ўйини асосида ёзилган) мавжуд. Амирийнинг ўзбек тилида ёзилган 307 мисра, форс тилида эса 159 байти мавжуд.
Ўзбекистон ФА Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейининг матншунослик ва ёзма ёдгорликларни нашр этиш бўлимининг илмий ходимлари томонидан Умархоннинг турли даврларда кўчирилган 26 та қўлёзма девони ҳисобга олиниб, уларнинг илмий тавсифи берилган. Бу қўлёзмалар Санкт-Петербург, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро кутубхоналарида сақланади. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Умархоннинг 17 та қўлёзма девони мавжуд. Бундан ташқари, литографик усулда чоп этилган девонлари ва шоир шеърларидан намуналар берилган баёзлар бор.
Маданий сиёсати
Умархон Қўқонда илм-фан ва адабиётнинг гуллаб-яшнаши учун шароит яратган[3]. Умархон даврида Қўқон, Тошкент, Туркистон, Чимкент, Сайрам, Тароз каби шаҳарларда масжид ва мадрасалар қурилган. Янги Шаҳрихон шаҳрига асос солинди.
Унинг ҳукмронлиги даврида Қўқонда ўзига хос адабиёт маркази вужудга келган. Манбаларда келтирилишича, шаҳарда 70 дан ортиқ шоир ижод қилган. Хон саройида энг яхши шоирлар, рассомлар ва хаттотлар тўпланган.
Ўша олис йилларда Амирий яратган қудратли адабий оқим Фарғона водийсида Муқимий, Фурқат, Мухий, Оразий, Тажалли ва бошқалар каби таниқли педагоглар, демократ шоирларнинг пайдо бўлишига имкон яратган. Маърифатпарварлик, маданият, инсонпарварлик — шоир Амирийнинг бу қарашлари кейинчалик минтақа маданияти тараққиётининг кучли, янги тўлқинига айланган.
Шоир ижодига назар
Ўзбек адабиёцҳунослигида Амир Умархон ижоди Фитрат, Вадуд Маҳмуд, П. Қаюмий, А. Қаюмов, М. Қодирова, А. Мадаминов, Ҳ. Болтабоэв томонидан ўрганилган, асарлари эълон этилган. ЎзМЕ да тадқиқотчилар З.Қобилова, М.Юлдашева шоир ҳаёти ва ижоди юзасидан илмий тадқиқот олиб бормоқда.
Адабиётлар
- Қаюмов А. „Қўқон адабий муҳити“ Т., 1961; Ибрат „Фарғона тарихи“ Т., 1991;
- Мулла Олим Маҳмуд Ҳожи „Тарихи Туркистон“ Қарши 1992;
- Қаюмов А. „Тазкираи Қаюмий“1жилд Т., 1998; Ҳомидий Ҳ., „Кўҳна Шарқ дарғалари“ Т., 1999; Бобобеков Ҳ." Қўқон тарихи" Т., 1996;
- Дилшод Барно „Тарихи муҳожирон“ Т., 1994; Нодира Комила, Девон, 2001.
- Ҳ.Болтабоэв." Амир Умархоннинг мактуби". „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“, 1997. 11- октабр;
- Пўлатхон Қаюмий. „Тазкираи Қаюмий“. -Т.: 2000.
Нашр қилинган асарлари
- Амирий. Девон. (Нашрга тайёрловчи М.Қодирова). Т.: Фан, 1972.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- Qoʻqon xonligida tugʻilganlar
- Qoʻqon xonligida vafot etganlar
- Oʻzbekiston milliy ensiklopediyasi maqolalari
- Qoʻqon xonligi hukmdorlari
- Oʻzbekistonlik yozuvchilar
- Oʻzbekiston tarixi
- Oʻzbekistonlik shoirlar
- Fargʻona madrasalarida tahsil olganlar
- Qoʻqon madrasalarida tahsil olganlar
- Qoʻqonda toj kiyganlar
- Minglar
- Osiyodagi 19-asr hukmdorlari