Umumiy taʼlim
Умумий таълим - касби ва турмуш тарзи қандайлигидан қатъи назар табиат, жамият, тафаккур, санъат, маънавият бўйича ҳар бир киши эгаллаши зарур бўлган билим асослари, шунингдек, ҳар бир одамда ҳаётда қийналмай яшаши учун шакллантирилиши керак бўлган кўникма ва малакалар йиғиндиси; маълум ёшдаги барча болаларнинг муайян билимлар минимумини берадиган мактабларда маълум вақт мобайнида мажбурий таълим олиши.
Умумий таълимни эгаллаш ҳар бир кишига илмий дунёқарашни шакллантириш, унда оламни билиш крбилиятини ривожлантириш имкониятини беради. Шунингдек, Умумий таълим касбий ҳамда политехник таълимнинг пойдевори бўлади. Умумий таълим ўқув муассасаларида ўқиш орқали ҳам, мустақил таълим йўли билан ҳам олиниши мумкин.
Жаҳон педагогика фани ва амалиётида Умумий таълимнинг бошланғич, кучайтирилган бошлангич ва ўрта сингари турлари мавжуд. Бошланғич Умумий таълим ўқиш, ёзиш, арифметиканинг дастлабки амаллари ҳамда табиацҳунослик, география ва Ватан тарихи юзасидан ибтидоий тушунчалар, раем, мусиқа, жисмоний тарбия ва меҳнат сингари ўқув фанларини ўз ичига олади. Кучайтирилган бошланғич Умумий таълимда эса ўқувчиларга она тили грамматикаси, чет тили, адабиётнинг қисқа курси, математиканинг айрим бўлимлари, алгебра, геом., физика, табиацҳунослик, чизмачилик бўйича ибтидоий маълумотлар, география, тарих, раем, меҳнат курслари қўшилади. Европа мамлакатларининг аксариятида бошланғич ва кучайтирилган бошлангич Умумий таълим таълимнинг мустақил тизими сифатида қаралади ва ўрта Умумий таълим билан етарли узвийлик касб этмайди. Ўрта Умумий таълим, одатда она тили ва адабиётнинг тизимли курси, чет тиллари, Ватан ва жаҳон тарихи, маданияцҳунослик, алгебра, геом., тригонометрия, физика, кимё, биология, чизмачилик, география, жисмоний тарбия, информатика ва бошқаларни ўз ичига олади. Айрим Умумий таълим мактаблари бир ёки бир неча ўқув фанларининг чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишига ихтисослашган бўлади.
Ўзбекистонда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилингунига қадар (1997) Умумий таълим бошланғич (1—4синф), таянч (5—9синф) ва ўрта (10—11синф) босқичдан иборат бўлган. Эндиликда Ўзбекистондаги Умумий таълим бошлангич (1—4синфлар), ўрта (5—9синф) ва ўрта махсус (академик лицей ва касбҳунар коллежлари) каби босқичлардан иборат бўлиб, мамлакатимиз ёшларининг баркамол шахс бўлиб шаклланишини таъминлашга йўналтирилган.
Ўзбекистонда қадим замонлардаёқ таълим тизими кенг тармоқ ёйган бўлишига қарамай, умуммиллий миқёсда Умумий таълим расман 1930-йилнинг 15 сентабрдан жорий этилди. Ўша даврдаги ҳукуматнинг қарорига кўра, 1934-йилдан бошлаб Ўзбекистонда умумий бошланғич таълим олиш мажбурий қилиб қўйилди. Бу тартиб нафақат мактаб ёшидаги болаларга, балки бошланғич маълумотга эга бўлмаган катта ёшдаги кишиларга ҳам татбиқ қилинди. Шунинг учун ҳам мамлакатда саводсизлик ва чаласаводликни тугатишга йўналтирилган вақгинчалик мактаблар тиздми пайдо бўлди. 1938-йилнинг июлидан Ўзбекистонда умумий етти йиллик мажбурий таълим жорий этилди. Лекин Иккинчи жаҳон уруши мамлакатда умумий етти йиллик таълимнинг тўлиқ амалга ошишига имкон бермади. 1956-йилдагина етти йиллик Умумий таълимга тўлиқ эришилди. 1958-йилдан Ўзбекистонда Умумий таълим саккиз йилга, 1975-йилдан ўн йилга етказилди. 1990-йилдан Ўзбекистонда Умумий таълим муддати ўн бир йилни ташкил этди.
Фан ва техниканинг тинимсиз ривожланиб, ахборотларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб бориши ва уни етказиш технологияларининг тезкор тараққиёти Умумий таълим муддатини узайтиришни тақозо этиши табиийдир. Шуни назарда тутилгани учун ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан 1997-йилда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Унга кўра, ЎзРда Умумий таълим тизими уз ичига академик лицей ва касбҳунар коллежларини ҳам қамраб олди. Шу тариқа, Ўрта Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Умумий таълим урта махсус таълим даражасига кутарилиб, муддати ўн икки йилга етказилди.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |