Xoʻja Zayniddin majmuasi
Хўжа Зайниддин мажмуаси — Бухородаги меъморий ёдгорлик (ХВИ-аср биринчи ярми); Бухоро хонлигининг Шайбонийлар сулоласи даврида Зайниддин ташаббуси билан Имом ал-Бухорий шарафига уста Мир Дўстумбий томонидан бунёд этилган тарихий ёдгорлик. Мажмуа Хўжа Зайниддин гузарида, шаҳристоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган. Хўжа Зайниддин мажмуаси масжид хонақоси, ҳовуз, мактабхона, биносоз мозори ва зиёратчилар учун ҳужралар мавжуд[1]. Ҳозирги кунда мажмуа Ўзбекистон моддий ва маданий меъросининг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган.
| Хўжа Зайниддин мажмуаси | |
|---|---|
| Муқобил номлари |
Хўжа Зайниддин мажмуаси |
| Умумий маълумот | |
| Мақоми | Тарихий обида |
| Тури | масжид-хонақоҳ |
| Шаҳар | Бухоро |
| Мамлакат | Ўзбекистон |
| Қурилиши бошланган | ХВИ аср биринчи ярми |
| Техник ҳолати | |
| Материал | пишган ғишт, ёғоч, ганч |
Тарихи
Хўжа Зайниддин мажмуаси Бухоро қозикалони лавозимида бўлган Хўжа Зайнуддин ташаббуси билан Имом ал-Бухорий шарафига уста Мир Дўстумбий томонидан қурилган. Бино масжидга мўлжаллаб қурилган, ҳужралари ҳам бор. Мазкур мажмуа ҳам хонақоҳ ҳам масжид вазифасини бажарган. Иншоот кўп хонали ва гумбазли бўлган. Мажмуада кўп хонали ҳужралар бўлиб, ўртада ҳовуз мавжуд. Хонақо-масжид айвонли бўлиб, устунлардан иборат бўлиб, гумбазли хона қисми нақшлар билан безатилган[2]. Хўжа Зайниддин мажмусида Хожайи Турк мозори бўлиб, юқорисида туғ кўтарилган. Масжид-хонақода таҳоратхона ва Ҳожи Раҳматулла ҳужралари ҳам мавжуд. Мажмуа ҳовузи катта бурчакли бўлиб, тошлардан кўтарилган. Ҳовуз ХВИ асрнинг биринчи ярмида бунёд этилган. Бухоро амири Амир Олимхон ташаббуси билан 1913-йилда мажмуанинг ҳовузида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ҳувузнинг жануби-шарқида „обпартар“ мармардан ясалган янги мослама билан алмаштирилган. У аждарҳонинг очиқ оғизи услубида безатилган. Қулдурум нақшли безаклар билан безатилган бўлиб, таъмирлаш йили ва муаллифи ҳақида маълумот берилган битик мавжуд[1]. Хўжа Зайниддин мажмуасида 1970-1975-йилларда таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлиб, ҳозир яхши сақланган. Хўжа Зайниддин масжид хонақоҳи ғарбий деворида жойлашган меҳроб ичи ганчкор нақшлар билан безатилган. Масжид-хонақоҳ устунлари яхши сақланган. Ҳозирги кунда масжид ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Меъморчилиги
Хўжа Зайниддин мажмуаси пишиқ ғишт, ёғоч, тош ва ганчдан бунёд этилган. Масжид-хонақоҳ пештоқгумбазли катта хона ва 5 кичик ҳужралар ҳамда унга икки томондан туташ айвондан иборат, ҳовуз ҳовлининг катта қисмини эгаллаган; хонақоҳнинг жанубий томонидаги равоқлардан бирига Хўжа Зайнуддин қабри жойлаштирилган. Хонақоҳнинг бош тарзи пештоғида нақш қолдиқдари сақланган. Катта хонадан 3 томон (чуқур равоқ орқали кўчага ва 2 томонидан айвон)га чиқилади. Хона гумбази мураккаб қалқонсимон бағаллар ёрдамида асосига таянган, гумбаз ичи 32 га бўлиниб, улар ҳалланган майда гуллар билан безатилган, гумбазнинг қуйи қисми муқарнаслар қатори билан ҳошияланган. Хона деворларидаги тахмонлар ҳамда меҳробга ярим гумбаз шаклида муқарнаслар ишланган. Девор изоралари сиркори парчинлардан мураккаб ҳандасий шакллар, ўсимликсимон накшлар билан безатилган; гумбаз, тахмонлар, меҳроб ва ғарбий девордаги ёзувлар қатори кундал усулида бажарилган. Деворнинг юқори — асосий қисми ислимий нақшлар (оқ, қора, кўк ранг) билан қопланган. Катта хонанинг айвонга туташ деворлари равоқли намоёнларга бўлинган. Шимолий шарқидаги бал. 7 м бўлган 8 устунли айвон атрофи тошлар билан қопланган ҳовузли ҳовлига қараган (ҳовузга ўймакори аждар шаклидаги мармар новдан сув келтирилган). Айвон шифти тоқили, юлдузсимон 7 ҳовузакларга бўлиниб, ҳандасий нақшлар билан жозибадор безатилган. Хўжа Зайниддин мажмуаси жамоат ва диний бинолар меъморлигини ўзига хос мужассамлаштирган иншоот сифатида қимматлидир.
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Бухоро 2016, с. 430.
- ↑ Бухоро шарқ дурдонаси 1997, с. 101.
Адабиётлар
Илмий адабиётлар
- Абдухолиқов Ф, Ртвиладзе Э, Раззоқов А, Раҳимов К, Ҳакимов А, Абдуҳалимов Б, Мансуров А, Маннонов А, Муҳамедов Н. Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Бухоро. Тошкент: Узбекистан Тодай, 2016 — 560-бет. ИСБН 978-9943-4510-5-6.
- Азизхўжаев А Масъул муҳаррир. Бухоро шарқ дурдонаси. Тошкент: Шарқ нашриёти, 1997 — 232-бет.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |