Echki

Эчки – қувушшохлилар оиласига мансуб жуфт туёқли кавш қайтарувчи ҳайвон. Эчки турли иқлим шароитига тез мослаша олиши туфайли дунёнинг кўплаб мамлакатларида учратиш мумкин. Хонаки эчкилар ёввойи беозор ва бурама шохли эчкилардан тарқалган деб ҳисобланади. Эчкилар дастлаб хонакилаштирилган маҳсулдор ҳайвонлар жумласига киради.
Тарқалиши
Анов (Ашхобод яқини)да топилган қазилмалар эчки Ўрта Осиёда милоддан бир неча минг йил аввал боқилганини кўрсатади.
Қўшимча маълумотлар
Эчки, асосан, сут, гўшт, жун, тивит, тери ва бошқалар учун боқилади. Ўртача 9-10 йил (баъзилари 17 йилгача) яшайди, хўжаликда 7-8 йил фойдаланилади. Улоқлари 5-8 ойлигида жинсий етилади, 14-18 ойлигида қочирилади. Бўғозлик даври 5 ойга яқин. Хонаки зотларининг кўпи серпушт: ҳар 100 бош урғочи эчкидан 150-250 улоқ олинади. Яхши озуқа шароитида асраб боқилганда йилига 2 марта болалайди. Такаларининг тирик вазни 60–65 кг дан 100 кг гача, урғочилариники 40–60 кг. Олинадиган маҳсулотга қараб тивит, жун, гўшт, сут, тери, мўйна ва аралаш маҳсулотлар берадиган эчки зотлари бор. Серсут зотларидан йилига ўртача 450–550 кг гача сут соғиб олинади. Сутининг ёғлилиги 3,8-4,5%. Сержун зотлар жуни узунлиги 15-18 см, такаларидан 4–6 кг, урғочиларидан 3–5 кг дан жун қирқиб олинади. Сертивит зотларидан 0,2-0,5 кг дан 2 кг гача тивит тараб олиш мумкин. Яхши боқилган катта ёшдаги эчки 20–28 кг гўшт ва 4–6 кг ёғ, 7-10 ойлик эчкилар эса 12 кг гўшт ва 1,5 кг ёғ беради.
Эътиборли жиҳатлар
Эчки ўлат, чечак ва сил касалликларини юқтирмаслиги, оқсил ва енгил ўзлаштирилувчи ёғларга бой сут бериши билан эътиборли. Эчки сутида мис, рух, марганец, ёд, кумуш ва бошқалар шу каби микроэлементлардан ташқари камқонликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлган кобалт моддаси нисбатан кўп учрайди.
Зотлари
Ўзбекистонда жайдари (қора жунли) эчкилардан ташқари ангор эчкиси, заане эчки зоти, оренбург эчки зоти ва бошқалар боқилади. Ўрта Осиёда ХХ асрнинг 30-60-йилларида маҳаллий дағал жунли эчкиларни ангор зоти такалари билан чатиштириб сержун эчки зоти чиқарилган. Заэнен эчкиси энг мазали ва қимматбаҳо сут ишлаб чиқарувчиси бўлиб, сут соғиш даражаси бўйича барча сут насллари орасида биринчи ўринни эгаллайди. Бу зотдаги эчкиларнинг баландлиги 94 см, эчкилар – 77 см, тана ҳажми – 80 дан 84 см гача, катталар ҳайвонларида тана вазни 95–98 кг гача бўлади.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |