Oʻzbekiston mustaqilligining 35 yilligi
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 2026-йилда ўтказилаётган юбилей тадбирлари мажмуи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 2-апрелдаги қарори билан юбилейни кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган[1].
| Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги | |
|---|---|
| Расмий номи | Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги |
| Нишонловчилар | Ўзбекистон аҳолиси |
| Тури | Миллий юбилей тадбири |
| Аҳамияти | Мустақилликнинг 35 йиллиги |
| Сана | 2026-йил 1-сентябр |
| Нишонланиши | Байрам тадбирлари, фестиваллар, маданий ва маънавий-маърифий тадбирлар |
Тайёргарлик
2026-йил 2-апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг „Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида“ги қарори қабул қилинди. Қарор билан „Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!“ деган бош ғояни ўзида мужассам этган юбилей тадбирларининг ғоявий-бадиий консепсияси ва дастури, шунингдек, байрамни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди.
Қарорга кўра, мустақилликнинг 35 йиллигини Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳамда туман ва шаҳар марказларида, шунингдек, маҳаллалар, қишлоқлар, овуллар, вазирлик ва идоралар тизимида нишонлаш белгиланган. Апрел–сентябр ойларида республика бўйлаб маънавий-маърифий тадбирлар ва ижтимоий лойиҳаларни ўз ичига олган „Мустақиллик тўйи“ фестивали ўтказилиши назарда тутилган.
Тадбирлар
Юбилей доирасида „Ватан фидойилари“ рамзий монументининг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда уни 2026–2030-йилларда барпо этиладиган умуммиллий бирдамлик боғларининг марказий қисмига ўрнатиш режалаштирилган.
Шунингдек, мустақиллик йилларида турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ва эришилган ютуқларга бағишланган „Мустақиллик зафарномаси“ махсус китоб-албомини тайёрлаш белгиланган. 2026-йил апрелидан бошлаб ижтимоий тармоқларда #Мустақиллик35 ва #Узб35 хештеглари остида тарғибот аксияларини ўтказиш ҳам назарда тутилган.
„35 йиллик Истиқлол йилномаси“ рукни остида Ўзбекистон мустақиллигининг тарихий босқичлари, мамлакатда эришилган ютуқлар ва бунёдкорлик ишларига бағишланган ҳужжатли филмлар ҳамда телекўрсатувлар тайёрланиши белгиланган.
2026-йил август ойида Тошкент шаҳрида „Мустақил Ўзбекистон — 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар“ мавзусида халқаро илмий-амалий конференсия ўтказилиши назарда тутилган. Шунингдек, август–сентябр ойларида хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида „Мустақил Ўзбекистон — ғурурим, ифтихорим“ шиори остида маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш белгиланган.
Эсдалик нишони
2026-йил 25-июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан „Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги“ эсдалик нишони таъсис этилди[2]. Ушбу нишон мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий салоҳияти ва халқаро нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшган, кўп йиллик фидокорона меҳнати, юксак касбий маҳорати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган ватандошларни тақдирлаш учун жорий этилган.
Бошқа тадбирлар
Юбилей муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига 2026-йил 1-сентябрга қадар „Мустақилликнинг 35 йиллиги“ эсдалик олтин тангасини зарб этиш чораларини кўриш топширилган[3]. Шунингдек, янги ташкил этилган маҳаллалардан ва темир йўл стансияларидан бирига „Мустақилликнинг 35 йиллиги“ номини бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган[4].
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ „Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида“ (уз). Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий веб-сайти. Қаралди: 2026-йил 20-август.
- ↑ „Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб эсдалик нишони та’сис этилди“ (уз). Кун.уз (2026-йил 25-июн). Қаралди: 2026-йил 20-август.
- ↑ „Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги“ (уз). Ойина.уз. Қаралди: 2026-йил 20-август.
- ↑ „Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида“ (уз). Ипак Неwс. Қаралди: 2026-йил 20-август.