Samarqand makoni
Самарқанд макони – сўнгги палеолит даврига оид ёдгорлик (мил. ав. 40—12 минг йиллик). Самарқанд шаҳрида, унча катта бўлмаган Чашмасиёб сойининг ўнг қирғоғида жойлашган. 1939-йилда Н. Г. Ҳарламов томонидан очилган. Шундан сўнг турли йиллар (1958-йилдан 1967-йилгача)да Д.Н.Лев, М.Ж.Жўрақулов, Б.Х.Ботиров, Ю.П.Холюшкин ва В.А.Холюшкина каби тадқиқотчилар томонидан ўрганилган.
Самарқанд макони
| |
|---|---|
| Мамлакат | Ўзбекистон |
| Жой | Ургут, Самарқанд |
| Давр | Сўнгги палеолит |
| Ёши | 20 минг |
| Тадқиқотчилар | Д.Лев М.Жўрақулов Б.Ботиров |
| Майдони | 100 кв.м |
| Маданий қатламлар | 3 та |
Самарқанд макони сўнгги палеолит даврининг ноёб ёдгорликларидан биридир. Обект 1939-йилда геолог Н.Г.Ҳарламов томонидан кашф қилинган. Самарқанд шаҳри яқинидаги қадимги Сиёбча сойи атрофидан топилган. Иккинчи жаҳон уруши натижасида обектни ўрганиш ишлари тўхтаб қолган. 1958-йилга келиб, Василий Шишкин ва Яҳё Ғуломов сай-ҳаракатлари натижасида СамДУ доценти, археолог И. Д. Лев бошчилигида ўрганиш ишлари бошланган[1]. Маконда археологлар И. Д. Лев ва И.Жўрақулов 1969—1972-йилларда қазишма ишлари олиб борганлар. 2002-йили Самарқанд давлат университетининг археология кафедраси илмий ходимлари бошчилигида яна қазишма ишлари олиб борилган. Самарқанд макони ёдгорлигининг маданий қатламидан 7,5 мингга яқин тош қуроллар топилган. Уларнинг кўпи чақмоқтош, диорит, халседон, роговик, амфиболит каби тош жинсларидан тайёрган. Макондан турли хилдаги қуроллар топилган; қирғичлар, сихлар, пичоқчалар, кескичлар, дисксимон нуклеуслар, учриндилар, болталар, ушатгичлар, юпқа парақалар ва бошқалар. Ушбу меҳнат қуролларининг кўпчилиги ҳайвон терисини ошлаш учун ишлатилган[1].
2002-йилда Галина Коробкова обектдан топилган тош қуролларнинг ўзига хос жиҳатларини ўрганган. Улардан, ўзаклардан ажратиб олинган тош парақалардан турли қуроллар сифатида ишлатилган. Тош қуролларга дағал кертиш усули ёрдамида ишлов берилган. Тошлар ва суяклардан санчқилар ясалган. Бу ҳудудда кишиларнинг балиқчилик соҳаси билан шуғулланганликларидан далолат беради. Сўнгги палеолитга оид 3 та – юқори, ўрта ва қуйи маданий қатламлар аниқланган. Ушбу маданий қатламлардан гулхан қолдиғи, кул, ҳайвонларнинг суяклари, табиий бўёқ (оҳра), ўсимлик ва чайла устунлари қолдиқлари топилган. Самарқанд ёдгорлиги маконининг майдони 100 кв м, тўғри тўртбурчак шаклида барпо этилган.
Археолог Д.Н.Лев ёдгорликни 30—35 минг йилликларга оид деб баҳолаган[2]. Аммо сўнгги тадқиқотлар натижасида унинг ёшини 20 минг йилга тегишли эканлиги аниқланган[3].
Самарқанд макони ёдгорлигидан кроманён одамларининг суяк қолдиқлари топилган. Антропологлар суяк қолдиқлари 25 ва 35 ёшли аёлларники эканлигини аниқладилар. Шунингдек, макондан ёш боланинг озиқ тиши, пастки жағ суяги ҳам топилган. Самарқанд маконидан ибтидоий одам томонидан 5 та махсус белги чизилган ҳайвон қовурғаси қолдиғи, махсус тешикли денгиз чиғаноғи топилган. Денгиз чиғаноғи зеб—зийнат буюми бўлиб, Ҳинд океани, Қизил денгиз ва Форс қўлтиғи ҳудудларида учрайди. Самарқанд маконидан чиғаноқнинг топилиши ҳудудда яшаган аҳоли билан Ҳинд океани соҳилларида яшовчи қабилалар ўртасида маданий алоқа борлигидан далолат беради. Бундан ташқари 20дан ортиқ аёллар буюмлари ҳам топилган[3].
Макондан топилган топилмалар натижасида аҳолининг, асосан, овчилик билан шуғулланганлиги аниқланган. Найза ўқ учлари, асосан, тош ва суякдан, қисман ёғочдан ишланган. Самарқанд макони жамоа хўжалигида ёғоч ва суякни қайта ишлаш ҳамда тош қуроллар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга бўлган. Тош, суяк ва чиғаноқдан тақинчоқлар ясашган. Маконда ҳунармандчилик билан шуғулланиш учун махсус майдон бўлган. Тош қуроллар ясаш учун хом ашё Чўпонотадан келтирилган. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг асоси бўлган меҳнат қуроллари аста-секинлик билан такомиллашиб борган. Макондаги ҳар учала қатламдан топилган топилмалар шундан далолат беради[4].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 Жо'рақулов, М (2011). „Самарқанд воҳасининг ибтидоий маданият тарихи саҳифаси“ (ПДФ). О'збекистон археологияси. 5-бет.
- ↑ Лев, Н. Поселение древнекаменного века в Самарканде. Исследование 1958-1959-гг. Труды СамГУ Самарканд 1964 — 109-бет.
- ↑ 3,0 3,1 Эгамбердиева Н. Археология. Тошкент, Фан ва технология, 2011 — 34-бет. ИСБН 978-9943-10-465-5.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |